Dolzarb! Для трудовых мигрантов зарубежом

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

БМТ: Пандемия шароитида одам савдоси қурбонларини аниқлаш қийин кечмоқда

184

Пандемия ва бошқа глобал инқирозлар шароитида ҳуқуқ тартибот органлари учун одам савдоси қурбонларини аниқлаш қийинлашиб кетди. Куни кеча БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси  шу ҳақда янги маърузасини эълон қилди. Унда айтилишича, расмий маълумотлар бўйича  “тирик товарлар” савдосининг қурбонлари сони 2020 йилда 11 фоизга камайган эди.

БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси экспертлари таъкидлашича, ушбу кўрсаткичларнинг пасайиши нафақат пандемия даврида одам савдоси билан шуғулланган жиноят вакилларининг фаолияти қийинлашгани, балки ҳуқуқ тартибот органлари ходимларининг маоши паст даражада бўлган мамлакатларда жиноятга қарши самарали кураш олиб боришнинг имкони бўлмагани, жумладан, жиноий гуруҳлар қурбонларини топиш ва уларга ёрдам бериш мураккаблашгани билан ҳам боғлиқдир.

Маърузада 141 мамлакатда 2017 йилдан то 2021 йилгача тўпланган маълумотлар келтирилган ва одам савдоси соҳасидаги сўнгги тенденцияларга баҳо берилган. Юзлаб суд ишлари таҳлил қилингандан кейин экспертлар одам савдоси қурбонларининг кўпчилиги, яъни 41 фоизи ўзлари асирликдан халос бўлишга, қочишга ва тартиб посбонларига мурожаат қилишга  муваффақ бўлган, 28 фоизи ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари томонидан аниқланган, тахминан 11 фоизи фуқаролик ташкилотлари саъй-ҳаракатлари билан қутқариб олинган.

«Мазкур маълумотлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, пандемия жамиятнинг одам савдоси балоси қаршисида етарлича ҳимояланмаганини кўрсатмоқда. Қолаверса, қурбонларни жиноятчилар чангалидан қутқариб олиш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш имкониятларига ҳам путур етган», – деб баёнот берди БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Гада Вали.

«Биз инқирозлар мазкур вазиятни янада кескинлаштириб юборишига йўл қўя олмаймиз. БМТ ва донор ҳамжамият миллий органларни, энг аввало, ривожланаётган  мамлакатларда қўллаб-қувватлаши керак.    Айниқса фавқулодда вазиятлар шароитида одам савдосининг олдини олиш, шунингдек, қурбонларни аниқлаш ва уларни ҳимоя қилиш жуда муҳим», – дея қўшимча қилади Гада Вали. 

Ҳисоботда таъкидланишича, пандемия даврида жинсий қуллик ҳолатлари қисқарган. Одам савдоси бўйича айблов ҳукмлари сони 27 фоизга камайган. Ушбу кўрсаткич  жумладан, Жануби-Шарқий Осиёда 56 фоизга, Марказий Америкада 54 фоизга, Жанубий Америкада эса 46 фоизга қисқарган.

Экспертларнинг таъкидлашича, одам савдоси борасидаги вазиятни қуролли можаролар ҳам кескинлаштирмоқда. Чунки беқарорлик ҳукм сураётган мамлакатларда жиноятчилик ортади ва жамоатчилик тартибини сақлаш қийинлашади. Одам савдоси жиноятларининг энг кўп қурбони Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларининг қуролли можаро кечаётган ҳудудларида қайд этилмоқда. Маърузада Украинадаги қуролли тўқнашувлар туфайли  кўп одамлар, биринчи навбатда кўчиб кетганлар  жиноятчиларнинг қурбонига айланмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашича, аёллар эркакларга қараганда уч баробар кўп одам савдоси билан шуғулланаётган кимсаларнинг жисмоний зўравонлигига учрамоқда, болалар эса катталарга нисбатан икки баробар кўп хўрланмоқда.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаларида одам савдосидан жабр кўрганлар сони глобал тенденцияларига нисбатан 9 фоизга ошгани айтилмоқда. Шу билан бирга, одам савдоси бўйича тергов ишлари, суд текширувлари ва жазога тортишлар қисқарган.

Жинсий қул қилиш ҳолатлари 30 фоизга камайган, лекин меҳнат қилишга мажбурланган кишилар сони ортган. Шарқий Европадаги одам савдоси қурбонларининг аксарияти эркаклар ва болалар, Марказий Осиёда эса аёллар ва қизлар. Шу билан бирга, умуман одам савдоси қурбонига айланган болалар сони, дунёнинг бошқа минтақалари билан солиштирганда оз, дейилади ҳисоботда. 

Манба:  ЎзА


Munosabat bildirmoq


Back to the list