Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Чегарада яна нотинчлик: Қирғизистон ўнлаб қурбонлар ҳақида хабар берди

284

Уч кун олдин қирғиз-тожик чегарасида шиддатли тўқнашувлар бошланганди. 16 сентябр кунги келишувга қарамай, отишмалар давом этган. Қирғизистон 136 мингдан ортиқ фуқаросини эвакуация қилди, камида 24 киши ҳалок бўлган, 87 киши жабрланган.

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги можаро давлатлар президентлари ўт очишни тўхтатиш, куч ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олганидан кейин давом эттирилди.

Жума куни кечқурун Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги Тожикистон билан чегарадаги қурбонлар сони 24 кишини ташкил этаётгани ҳақида хабар берди.

«Тезкор маълумотларга кўра, Боткен областидаги соғлиқни сақлаш муассасаларига 24 кишининг жасади келтирилган», дейилади хабарда.

Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида шифохоналарга 87 нафар жабрланувчи олиб келинган, улар асосан снаряд парчаларидан ва ўқотар қуроллардан жароҳат олган. Республика ФВВ хабар беришича, можаро ҳудудидан 136 мингдан ортиқ киши эвакуация қилинган.

Чегара ҳудудидан эвакуация қилинган қирғизистонликлар. Фото: Қирғизистон ФВВ

Мамлакат президенти матбуот хизмати Садир Жапаров ШҲТ саммитидан қайтгани ва чегарадаги вазиятни ҳал қилиш учун ҳукумат йиғилишини чақирганини хабар қилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати 16 сентябр куни кечқурун чегарадаги вазият кескинлигича қолаётгани, Тожикистон Қирғизистон позицияларини ўққа тутиш давом этаётгани, айрим ҳудудларда шиддатли жанглар бўлиб ўтаётганини хабар қилди.

«Соат 22:20да тожикистонлик ҳарбий хизматчилар Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Тамдиқ чегара постини ўққа тута бошлади. Тожикистон ҳудудига қўшимча куч ва воситалар, оғир ва автомобил техникаси олиб келинаётгани қайд этилган», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида Тожикистон томони икки давлат раҳбарлари келишувига қарамай қирғиз ҳарбийлари Тожикистон ҳудудини ўққа тутишни бошлаганини хабар қилган. 

Тожикистон чегара қўшинлари матбуот хизмати Қирғизистон томони Тожикистондаги фуқаролик объектларига ҳужум қилиш учун ҳарбий вертолётлар ва зарбдор дронлардан фойдалаётганини маълум қилган.

Тожикистон ҳозирча чегарадаги можарода қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида расмий маълумот бермаган. Маҳаллий нашрларга кўра, тинч аҳоли вакилларидан 7 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар яраланган.

Воқеалар тарихи

Боткен области - Қирғизистоннинг энг чекка ва ғарбий ҳудуди бўлиб, икки томондан Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегараланган. Боткен областида шу вақтга қадар тожик-қирғиз чегарасининг 308 километрлик қисми, шунингдек унга ёндош жойлашган 210 минг гектар майдон (қарийб Люксембург ҳудудига тенг) ҳалигача келишиб олинмаган.

Тез-тез бу баҳсли ҳудудларда маҳаллий аҳоли орасида низолар рўй бериб туради ва бу низолар икки мамлакат ҳарбийлари ўртасидаги тўқнашувларга айланиб кетади.

Пайшанба куни Тожикистон икки чегарачиси ҳалок бўлгани ва бир қанча киши яраланганини, Қирғизистон эса 42 жабрланувчи, уларнинг орасида тинч аҳоли вакиллари ва болалар борлигини хабар қилганди. 

Отишмалар уч кун муқаддам, қўшни Ўзбекистонда ШҲТ саммити арафасида бошланди - 14 сентябр куни Самарқандда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокамаси учун йиғила бошлаганди.

Самарқанддаги саммитда Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон ҳозир бўлишди. Жума куни Қирғизистон президенти матбуот хизмати Жапаров ва Раҳмон чегарадаги вазият бўйича музокара ўтказганини маълум қилди.

«Икки давлат раҳбарлари тегишли тузилмаларга ўт очишни тўхтатиш, қўшин ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олди. Ҳодиса сабаблари ва тафсилотларини текшириш бўйича комиссия тузилади», дейилади Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси ишини жадаллаштириш бўйича ҳам келишувга эришилгани айтилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати матбуот хизмати икки давлат махсус хизматлари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймумин Ятимов маҳаллий вақт билан соат 16:00 дан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишиб олганини хабар қилган.

Ундан олдинроқ эса икки мамлакат чегара хизматлари чегаранинг бутун периметри бўйлаб Қизилбел, Кўктош, Тамдиқ, Дўстук қишлоқлари, Торткочо ҳудудида тўқнашув ва отишмалар кузатилганини маълум қилганди. Қирғизистон томони Боткен области маркази Боткен шаҳридаги инфратузилмаларга ракета зарбалари йўлланганини хабар қилган.

Ўт очиш бошланиши сабабларини ҳам икки томон турлича баён этган. Қирғизистонлик чегарачилар айтишича, тожикистонлик чегарачилар баҳсли ҳудудда ўрнашиб олиб, ўт очганча провокация қилган.

Тожикистон томони эса қирғизистонлик чегарачилар сабабсиз ўт очганини маълум қилади. Икки томон ҳам бир-бирини чегара ҳудудига оғир ҳарбий техникалар олиб келиб, икки томонлама келишувларни бузишда, чегарадаги пунктлар ва аҳоли манзилларини ўққа тутишда айблаган. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон элчихонасига чегарадаги қуролли можаро юзасидан норозилик нотасини топширди ва олдин эришилган келишувлар бузилганини билдирди.

Қирғизистон чегара хизмати тожик чегарачилари Қирғизистон ҳудудидаги аҳоли манзилларини босиб олишга ҳаракат қилгани ҳақида хабар берган. Боткен областидаги баҳсли ҳудудларда икки мамлакат фуқаролари ҳам яшашади, бундан ташқари у ерда еттита анклав (бир давлатнинг бошқа давлат ҳудуди билан ўраб олинган ҳудуди) жойлашган.

Анклавлар Қирғизистон ва Тожикистонга СССРдан мерос бўлиб қолган ва ҳозирга қадар маҳаллий инфратузилмалар - сув ҳавзалари, йўллар ёки яйловлар туфайли маиший баҳслар ҳудудига айланиб қолган.

Тожикистон чегар хизматига кўра, бу сафар ҳам илк ўқ овозлари тожикларнинг Ворух анклави (бу ерда 35 минг тожикистонлик яшайди) яқинида янграган. Тожикистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам Россия ҳарбий базалари жойлашган. Жума куни Россия ТИВ Қирғизистон ва Тожикистонни чегарадаги тўқнашувни тўхтатишга чақирди.


Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list