Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Amnesty International Литвани қочқинларга ёмон муносабатда бўлаётганликда айблади

195

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Яқин Шарқдан келган қочқинлар билан суҳбатдан сўнг, Литва лагерларида уларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлингани ҳақида хабар беришди.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти Литва расмийларини Яқин Шарқдан келган қочқинларнинг ҳуқуқларини бузаётганликда айблади, улар мамлакатда қамоққа олинмоқда ва шафқатсиз муносабатга дуч келмоқда, дея хабар берди Dpa ташкилотнинг 27 июнь, душанба кунги ҳисоботига таяниб.

«Украинадан келган қочқинлар Литвада қучоқ очиб кутиб олинса-да, Ироқ ёки Сурия каби давлатлардан ҳимоя сўраганлар ноқонуний равишда қамоққа ташланади, ёмон муносабатга дуч келади ва депортация қилинади», — дейилади ҳуқуқ фаоллари баёнотида. Ташкилот Литвадаги иккита ҳибсхонага борган муҳожирлар билан суҳбатдан сўнг шундай хулосага келди. 

Ҳуқуқ фаоллари ҳисоботига кўра, одамлар ҳокимият вакиллари томонидан камситилгани ва қамоқхоналардаги ғайриинсоний шароитлардан шикоят қилган. «Литва ҳукумати минглаб одамларни ўзбошимчалик билан ойлар давомида вайронага айланган ҳарбий марказларда ҳибсда ушлаб турибди, улар қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муносабатга дучор бўлмоқда», — дейилади Amnesty ҳисоботида. «Улар бошпана беришнинг адолатли тартиб-қоидаларидан маҳрум қилинмоқда, бу эса «ихтиёрий равишда» қочиб кетган мамлакатларига қайтишга мажбур қилмоқда», деб ёзади ҳуқуқ фаоллари. 

Шу билан бирга, Amnesty Европа иттифоқини Литва расмийлари ҳаракатларига нисбатан пассив муносабатда бўлаётганликда айблади, дея хабар берди Dpa. 

Литва расмийлари қўшни Беларус раҳбари Александр Лукашенкони ўтган ёз охирида чегарада атайлаб миграция инқирозини юзага келтирганликда айбламоқда. Европалик сиёсатчиларнинг фикрича, Беларус ҳукумати Европа иттифоқига босим ўтказиш мақсадида Яқин Шарқ давлатларидан қочқинлар «транзити»ни ташкил қилган. 

Германия ИИВ маълумотларига кўра, бу мамлакатларда қочқинларга Европа иттифоқи давлатлари билан чегарани кесиб ўтиш учун Беларусга йўл очиб берувчи махсус «саёҳат агентликлари» пайдо бўлган. Европа иттифоқида Лукашенконинг бундай ҳаракатлари «гибрид ҳужум» деб аталди. Натижада, минглаб муҳожирлар Беларуснинг Полша ва Литва билан чегарасида тўпланиб, Европа иттифоқига ноқонуний киришга ҳаракат қилишди. Литвада чегарадаги вазият туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди. 

2021 йил сентябр ойида Литва Беларус билан чегарада 508 км узунликдаги панжара қурилишини бошлади. Расмийлар 2022 йилда баландлиги тахминан тўрт метрга яқин девор ўрнатилишини режалаштирган, унинг усти тиканли симлар билан мустаҳкамланади. 


Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list