Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Тоғли Бадахшон: Тожикистоннинг оғриқли нуқтасига айланган ўлка

235

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти Помир тоғ тизмаси, жуда гўзал табиати ва стратегик аҳамияти билан тилга тушган. Қирғизистон, Хитой ва Афғонистон билан бевосита чегарадошлигидан ташқари мамлакатнинг 45 фоиз ҳудудини эгаллаганлиги унга кириб боришда махсус рухсатнома талаб этилиши бежиз эмаслигини англатади. Бу вилоят азалдан нисбатан нотинч бўлган ва вақти-вақти билан қон тўкиб турилган. Жорий йилнинг 14 майида бошланган янги норозиликлар анча жиддий тус олмоқда ва бу можаро илдизига назар солишга ундайди.

Мухторият тарихи

Ўтган асрда Тоғли Бадахшон бир неча марта мақомини ўзгартирган. Бундан деярли 100 йил аввал, 1923 йилнинг 15 августида Помирда совет иттифоқи ҳокимияти расман эълон қилинганидан кейин унинг аҳоли яшайдиган барча ҳудуди Бухоро совет социалистик республикаси таркибига киритилади. 1925 йилнинг 2 январдаги фармон билан Тоғли Бадахшон автоном област шаклида Тожикистон таркибига ўтказилади

Помирликлар

Бу алоҳида ва ўзига хос мавзу. Тоғли Бадахшон ҳудуди 64 100 км квадрат бўлса-да, асосий майдонини баланд тоғлар эгаллагани учун аҳолиси кам – 230 минг атрофида одам яшайди. Лекин Тожикистон аҳолисининг 2-2,5 фоизини ташкил қилувчи ҳудуд аҳолиси мутлақ ўзига хос инсонлар. Уларнинг аксарияти ўзларини тожик деб ҳисоблашмайди. «Биз дунё томи ҳисобланган Помирда яшаймиз ва помирликлармиз» дея фахрланишади. Эътиқодлари ҳам мамлакатнинг асосий аҳолисиникидан фарқланади ва кўпроқ шиа мазҳабининг исмоилийлар оқимини маҳкам ушлашади. Аҳоли орасида исмоилий етакчилари бўлган Оға-хонлар таъсири катта ва уларнинг жамғармалари ёрдамига кўп суянилади.

Тилларида ҳам кескин тафовут бор ва шу кичик аҳоли ичида ҳам бир-бирини тушунмайдиган даражада фарқли гаплашадиганлар талайгина. Ҳудуд аҳли меҳмондўст, ҳануз мураккаб шароитларда яшаса-да шаҳарда муқим қолишни қабул қила олмайди ва бошқаларга аралашиб кетишни исташмайди.

Энг муҳими – азалдан тоғ фарзанди бўлиб келган помирликлар кимгадир бўйсунишни исташмайди, жуда ғурурли ва жангари, шунингдек – ўз урф-одатларини қаттиқ сақлайдиган ҳамда бошқаларнинг турмуш тарзи кириб келишини тасаввур қилмайдиган халқдир. Шу билан бирга помирликлар собиқ иттифоқда аҳоли сонига олий маълумотлилар кўрсаткичи бўйича ҳам етакчи ўринларда туришган.

Қизил рангда Тоғли Бадахшон ҳудуди

Тожикистондаги ўрни ва зиддият сабаблари

Тоғли Бадахшон аҳолиси жуда оз бўлгани ҳолда мамлакат ҳудудининг деярли ярмини эгаллаган. Ҳатто бош шаҳри Ҳоруғда ҳам кўпи билан 30 минг киши яшайди. Аммо айнан мана шу ҳудуд чегаралари, табиий бойликлари, стратегик аҳамияти Тожикистоннинг доимий диққат марказида ва мамлакат раҳбариятини Тоғли Бадахшон муаммоси ўйлантириб келади.

Ҳар қандай зиддиятлар бостирилиб, таҳлил қилинганида бир неча тахминлар илгари сурилади ва ҳудудга қўшни давлатлар фактори ҳам ўрганилади. Аммо яқин ўн йилдаги бир неча можаро шуни кўрсатадики, асосий масала деярли ўзгармаган – ҳудуд аҳолиси мухторият кенгайтирилиши, марказдан кўпроқ эътибор ва иқтисодий енгилликлар, ўз етакчиларининг таъқиб қилинмаслиги ва аҳолисига эркинликлар берилишини талаб қилишади. Ўз навбатида, марказ ҳар қандай қон тўкилишини қоралайди, тартибсизликларга муросасизлигини кўрсатади ва намойишчиларни ҳатто жангариларга тенглаштириб, аёвсиз жавобга тайёрлигини билдиради.

Тожикистон яқин тарихда фуқаролик урушини бошдан кечиргани, унинг асоратлари ҳануз оғриқли эсланиши, оқибатлари эса мамлакат тараққиётига жиддий тўсиқ бўлганини ҳисобга олган ҳолда ҳар қандай намойишларни хавфсизликка бевосита таҳдид деб қабул қилади. Бунга етарли асослар бор – ҳудудда Тожикистон мухолифатининг собиқ дала қўмондонлари ҳануз яшаб келишади ва уларни етакчи деб билувчилар, уларга эргашувчилар талайгина.

Иқтисодий омиллар

Зиддиятлар сабабини фақат ғоявий деб бўлмайди. Тоғли Бадахшон аҳолиси орасида ишсизлик кўрсаткичлари жуда юқори. Логистика муаммолари туфайли нархлар баланд, даромадлар паст. Унумдор ерлар кам, аҳоли эҳтиёжи учун етмайди. Бу омиллар оммавий миграцияга сабаб бўлган. Ҳудуднинг меҳнатга лаёқатли эркакларининг асосий қисми Россияда тирикчилик қилади. Камбағаллик Тожикистон миқёсида қаралганда ҳам баланд – 40 фоиз атрофида, бошқа ҳудудларда 20-25 фоиз. Мамлакат ҳудудининг ярмини эгаллаган мухториятда расмий маълумотларга кўра саноат корхоналарининг 2,1 фоизи жойлашган ва 0,7 фоиз маҳсулот ишлаб чиқарилади, холос.

Давлат бу муаммолар ечимида қатор чораларни кўрса-да, ягона талабни ҳам унутмайди – тинчлик. Аммо мухтор ҳудуд аҳолисида барибир норозилик сақланиб қолаверади.

Яқин ўн йилликдаги йирик тўқнашувлар

2012 йил. Ҳоруғда Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси генерали Абдулло Назаров ўлдирилди. Генералнинг ўлимида аниқ бир шахс айбланмаган бўлса-да, гумон дарҳол норасмий лидерларга тушди. Ҳукумат кучлари маҳаллий аҳолидан етакчиларни топширишни талаб қилишади, рад жавоби берилгач, ўт очилади. Натижада, расмий маълумотларга кўра, 23 нафар ҳарбий, 21 нафар фуқаро ҳалок бўлади.

2014 йил. Ҳоруғ марказида милиционерлар иштирокида отишма содир бўлади ва натижада икки киши жон беради. Ҳолат тергов қилинишга улгурмай шаҳарда тартибсизликлар бошланиб кетади. Намойишчилар ички ишлар бўлими, прокуратура ва суд биноларига ўт қўйишади.

2018 йилда ҳудудга Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ташриф буюради ва мухторият раҳбарларини кескин танқид қилади. У муаммолар ечимида қатъий бўлишни, жиноятчилар билан курашда муросасизликни ва вазият издан чиққудай бўлса, ўз жавобгарлиги остида қуролли кучлар ҳам жалб қилиниши мумкинлигини билдиради.

Шундан сўнг ечим тариқасида қонун ва тартибни сақлаш бўйича идоралараро штаб тузилади. Норасмий етакчилар ёзма равишда қонунни бузмаслик, ҳудудий раҳбарлар фаолиятига аралашмаслик мажбуриятини оладилар. Мухторият раҳбари сифатида Оға-хон жамғармасининг собиқ раҳбари, ҳудудда нуфузи баланд бўлган Ёдгор Файзов тайинланади.

Ҳоруғда нисбий тинчликка эришилган бўлса-да, 2020 йилга келиб Рўшан аҳоли пунктида навбатдаги тартибсизликлар бошланиб кетади ва уларга ички ишлар ходимлари ва маҳаллий фуқаро зиддияти сабаб бўлади. Ўзининг аёвсиз калтакланганини билдирган фуқаро кўпчиликнинг қўзғалишига сабаб бўлади ва бу нотинчлик ҳам бир неча кун давом этади.

2021 йилда эса навбатдаги қон тўкилиши кузатилди. Маҳаллий ёшларнинг норасмий етакчиси бўлган 29 ёшли Гулбиддин Зиёбеков ҳукумат кучлари томонидан ўлдирилди. Расмий маълумотларга кўра ҳудуд прокурорини гаровга олгани учун таъқиб қилинган Зиёбеков қўлга олиш чоғида қурол билан қаршилик кўрсатгани туфайли отиб ташланган. Аммо унинг қариндошлари Гулбиддиннинг қаршилик кўрсатмагани, танасидан, хусусан боши ва юрак соҳасидан 7 та ўқ топилганини билдирдилар. Улар Зиёбеков жасадини шаҳар марказига кўтариб бориб, навбатдаги намойишларни бошлаб юборишди.

Бу давр яна Ёдгор Файзовнинг ишдан кетгани ва мухториятга Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Алишер Мирзонабот тайинлангани билан ёдда қолганди. 2021 йил 5 ноябрдаги бу тайинловнинг илк дақиқаларидан бошлаб помирликлар «Истъефо» дея қичқира бошлаганлар ва бу талаб 2022 йилга келиб, ҳақиқий намойишлар ҳамда навбатдаги қон тўкилишига айланиб кетди.

Жорий йил 14 майда бошланган ва айни дамгача давом этаётган норозиликлар давомида 8 киши ўлдирилгани, 11 киши яралангани ва 70 нафардан ортиқ одам қўлга олингани хабар қилинмоқда. Аммо норасмий манбаларда ўлим топганлар сони анча кўп ва 20 нафардан ортиқ кишининг номи келтирилган. Ҳукумат намойишларни бостиришни «Аксилтеррор ҳаракат» деб атаган ва унинг иштирокчиларидан таслим бўлишни талаб қилган.



Манба: kun.uz

Munosabat bildirmoq


Back to the list