Dolzarb! Для трудовых мигрантов зарубежом
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Туркиядаги ўзбекистонликларга элчихона ва Бош консулхона томонидан қандай ёрдам бериляпти?

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Туркиядаги ўзбекистонликларга элчихона ва Бош консулхона томонидан қандай ёрдам бериляпти?

337

Пандемия бутун дунёда ҳали-ҳануз давом этмоқда. Карантиннинг қачон тугаши ҳақида турли мамлакатларда турлича тахминлар қилинаётган бўлса-да, аниқ саналар мавҳумлигича қолмокда. Бундай вазиятга нафақат биз, балки бутун дунё аҳолиси ҳам тайёр эмас эди десак, хато бўлмайди. Туркияда ўзбек меҳнат муҳожирлари ва талабалар анчагина. Бундан ташқари, Туркияга савдо ишлари бўйича келган ватандошларимиз ҳам бор. Жорий йилнинг 16 мартидан икки қардош мамлакатлари ўртасидаги авиа қатновлари ва йўл ҳаракатлари тўхтатилгани сабабли Туркияда қолиб кетган ҳамюртларимиз сони кўпчиликни ташкил қилади.  

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консули Алишер Ботировнинг сўзларига кўра, бугунга келиб Ватанга қайтиш ниятида консулликка мурожаат қилганлар сони 5000 дан ортиқ.  

Ўзбекистон Ҳукумати босқичма-босқич ўз фуқароларини махсус чартер авиа-рейслари орқали олиб кетмоқда. Айнан мана шу ҳолат юзасидан ҳам Ватанга ўз вақтида кетолмаган ҳамюртларимиз томонидан норозиликлар билдирилмоқда. Ва албатта, бу норозиликлар нишони Ўзбек дипломатик ваколатхона ва у ерда ишлайдиган ходимларга қаратилмоқда. Бироқ юртдошларимизга чартер авиа қатновларини ташкиллаштириш консуллик ваколатига кирмаслигини ҳар бир юртдошимиз ҳам тушуниб етмайди.  Маълумки, пандемия шароитида чартер авиа қатновларни ташкил этиш Республика махсус комиссияси қарори билан амалга оширилади. 

Ҳозирги пандемия ҳолатида йўлга қўйилган чартер рейсларда биринчи ўринда ҳомиладор ва ёш болали аёллар, болалар, қариялар ҳамда даволанишга келган касаллар олиб кетилмоқда.  

Ўз вақтида Ватанга қайтиб кета олмаган юртдошларимиз учун Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси (Анқара) ва Бош консулхонаси (Истанбул) томонидан ёрдамлар ташкил қилинган. 

Рамазон кунлари ифторлик тайёрланиб ҳамюртларимиз учун тарқатилди. Ушбу ифторлик ўзбеклар кўп яшайдиган Истанбул шаҳрининг бир неча мавзеларида (Яникапи, Кумкапи...) мунтазам равишда ташкил этилди. Шаҳарда мавжуд бўлган ўзбекистонликлар томонидан очилган ошхона ва дўконларда ҳам бундай саховатли ишларни амалга ошириляпти.  

Шунингдек, консулхона томонидан ташкил қилинган ёрдамлар доирасида зарурий озиқ-овқатлар билан таъминланиб, шунингдек, мурожаат қилган юртдошларимизнинг манзилига ҳам етказиб берилмоқда. Истанбул билан бир қаторда Сакаря, Кожаели, Измир, Бурса, Баликесир ва бошқа шаҳарлардаги (Консуллик хизмати доирасидаги ҳудудлар) барча талабаларга эса озиқ-овқат карталари (BIM савдо тармоғининг озиқ-овқатлар учун махсус талонлари) тарқатиш йўлга қўйилган.  

Бу хизматларнинг барчаси консулликнинг кам сонли дипломатлари томонидан амалга оширилмоқда. Маълумки, карантин сабабли кўпчиликнинг бир жойга тўпланиши ман қилинган бу шароитда ёрдамларни муҳтожларга етказиб бериш ҳам осон бўлмаяпти, дейди Бош консул.  

Қўшимча қилиб шуни айтишим мумкинки, бу касаллик ва пандемиядан барча бирдек жабр кўрмоқда. Интернет тармоқларида ўзбек дипломатлари ва уларнинг фаолиятларига қаратилган турли мақола ва видео лавҳалар кўзга ташланади. Бироқ Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатларининг амалга ошираётган ижобий ишларни ҳам инкор қилиб бўлмайди. Ҳа, Туркияда Ўзбекистон фуқаролари кўпчиликни ташкил қилади. Ва бу ёрдам барчага бирдек етиб бормаётган бўлиши ҳам мумкин. Қарс эса икки қўлдан чиқади: консуллик томонидан берилаётган кўмак учун Ўзбекистон фуқаролари паспорт нусхаси билан бирга формани тўлдирилишлари керак. Бироқ ватандошларимиз «Нимага тўлдиришим керак?!», «Нимага ўзим ҳақимда маълумот беришим керак?!», «Ёрдам берса шундай ҳам бераверсин» каби эьтирозлар билдиришмоқда. 

Бош консуллик давлат идораси ва у томонидан берилаётган кўмак керакли хисоб-китобни талаб қилади. Ва бу ҳолатда кўмак учун талаб қилинаётган керакли маълумотларни тўғри қабул қилишимиз керак. Консуллик бу олинган маблағлар ҳақида давлатга ҳисобот беради. Ва бу ҳолатда талаб қилинаётган паспорт нусхаси ва форма тўлдирилишини биз фуқаролар тўғри тушунимиз керак, деб ҳисоблайман.  

Бугунги кунга қадар Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналарини (элчихона ва консуллик) кези келганда танқид қилган пайтларим ҳам бўлган.

Аммо айни пайтда консуллигимизнинг фуқароларимизга бераётган ёрдамини ва меҳнатини инкор қилиб ҳам бўлмайди. 

Пандемия ва карантин даври барча учун катта синов бўлмоқда. Биласиз, кимдир синовдан ғолиб чиқади, кимдир эса мағлуб. Аммо бу синовда на ғолиб бор, на мағлуб. Бу синов барчамизга бирлашишни, бир-биримизни қўллаб-қувватлашни, ота-боболаримиз ўргатганидек, бир майизни қирқ бўлакка бўлиб ейишни ўргатмоқда. 



Манба: darakchi.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list