- Bosh (sahifa)
- nashirlar
- Ekskluziv
- МИССИОНЕРЛИК ВА ПРОЗЕЛИТИЗМ ХАВФЛИ ҚУРОЛ
МИССИОНЕРЛИК ВА ПРОЗЕЛИТИЗМ ХАВФЛИ ҚУРОЛ
Ҳаётимизда бу каби холатларни кўп учратамиз. Хатто бу оддий бўлиб кўринган ходисага баъзи холларда сиёсий даражада урғу берилади. Ушбу мавзу юзасидан Мутахассис Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлими бошлиғи, сиёсий фанлари бўйича фалсафа доктори Мансур Мусаев сўзлаб берди.
“Чиройли” ниқобланган ёвуз ғоя
Бугунги кунда дунёда кечаётган мураккаб глобалллашув жараёнлари туфайли маънавий хуружлар, ёт ғоя ва мафкуралар таъсири ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, миссионерлик ва прозелитизмга йўналтирилган ҳаракатлар нафақат инсонларнинг эътиқодига, балки турли дин, миллат ва элатларнинг ҳамжиҳатлигига раҳна солаётганини, сиёсий таъсир доирасига олишнинг воситасига айланиб қолаётганини инкор этиб бўлмайди.
Аввал маънавий, сиёсий, иқтисодий-ҳуқуқий таҳдид сифатида намоён бўлаётган миссионерлик ва прозелитизм мафкуравий экспанциянинг нозик ва нисбатан арзон шаклида аллақачон айрим давлатлар амалиётига айланиб бўлди. Айниқса, дунё миқёсида кескин ғоявий курашларнинг авж олиши, турли мафкуралар тўқнашуви, демократия ёки турли диний таълимотлар шиорлари билан “чиройли” ниқобланган ёвуз ғояларни сингдиришга интилиш миссионерлик ва прозелитизм кўринишида кучайиб бормоқда.
Бугунги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар сабаб “динда ҳаддан ошиш”, “миссионерлар” фаолиятининг кучайиб бораётганлиги ҳам бу масалани қанчалик долзарб аҳамият касб этаётганлигини кўрсатиб турибди. Миссионерлик ҳаракати ҳақида фикр юритганда аввало бу сўзнинг ўзагини ташкил этган “миссия” ва “миссионер” сўзларининг маъно ва мазмунига тўхталиб ўтишимиз ўринли бўлади. “Миссия” сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “missio” атамасидан пайдо бўлган “мисйон” сўзи ўзбек тилида “вазифа”, “ҳуқуқ”, “юбориш”, “вазифа топшириш”, “жўнатмоқ” деган маъноларни англатади.
Хорижлик олимлар бу сўзга турлича изоҳ берганлар. Жумладан, “миссия” сўзи “вазифа” “топшириқ” “аниқ мақсадга йўналтирилган”, “кимгадир ва нимагадир жавобгарлик бурчини адо этиш”, “доимгидек дипломатик вакил”, “бир давлатнинг махсус мақсад ва вазифалари юзасидан ўзга давлатга юборилган вакил” деган маъноларни, шу билан бирга “черков ва диний уюшмага тегишли бўлган миссионерлик ташкилоти” каби тушунчаларни англатиши кўпроқ таъкидланган.
Миссионерликнинг таркибий қисми прозелитизм юнонча “proselitizm” сўзидан, “келгинди, бир жойдан бошқа жойга кўчувчи”, “ўзининг диний эътиқодидан бошқасига ўтувчи” деган маънолар билан бир қаторда, “тўғридан-тўғри бирон-бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилиш” деган маъноларни англатади.
Тарғибот ўчоқларининг асосийси – ижтимоий тармоқлардир
Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳаракатларни олдини олиш мақсадида ҳозирги кунга келиб дунёнинг 33та давлатда прозелитизм ҳаракати умуман ман этилган бўлса, дунёнинг 81та давлатда хорижий миссионерлар фаолияти чекланган. Миссионерлик ва прозелитизм методикаси замирига эътибор қаратилса, пухта ўйланган режалар асосида, ўз фаолиятини амалга оширишда диндан ниқоб сифатида фойдаланиши ойдинлашади.
Мазкур ҳаракатлар стратегиясида муайян мамлакатларда “очарчилик, қашшоқлик”, “инсон ҳуқуқларини поймол этилиши”, “миллий низоларни бартараф этиш”, “гуманитар ҳалокатни олдини олиш”, “демократик эркинликларни жорий этиш”, “илғор маданий одатларга ўргатиш” ниқоби остидаги амалга оширилаётган мақсадли фаолиятни англаш керак бўлади.
Миссионерлар ўз фаолияти жараёнида мазкур вазиятдан фойдаланган ҳолда муайян ҳудуддаги аҳолини ўзларининг динларига ўтказиш орқали сиёсий мақсадларга тайёрлашга ҳаракат қилишади. Миссионер фаолияти давомида юзлаб инсонларни ўз динига жалб этса, унинг ҳосиласи бўлган прозелит эса қисқа давр мобайнида кўплаб инсонларни ўз динидан воз кечиб, ўзга динни қабул қилишга эришади. Натижалар ҳаракат амалга оширилаётган давлатлар аҳолиси ва улар ҳаёт тарзининг бой ёки камбағал, ёпиқ ёки очиқ, сиёсий режими кучли ёки кучсиз, эътиқоди тартибли ёки тартибсиз, маданияти ва миллати асосан бир хил ёки аралаш, эканлиги каби белгиларга кўра турлича бўлиши мумкин.
Ахборот-таҳлилий ўрганишларга кўра, миссионерлик ҳаракатлари стратегияси мазкур белгиларнинг гуруҳлашган ёки алоҳида шаклларда намоён бўлишига кўра тузилади. Прозелитизм замирига эътибор қаратилса, мазкур ҳаракат тарафдорлари ўз мақсадига эришиш учун турли усул ва воситалардан, айниқса, ОАВ орқали жамоат жойларида, концерт заллари ва стадионларда тадбирлар уюштириб, диний адабиётларини тарқатиш орқали ўзларининг диний тарғибот ва ташвиқотларини олиб боришларига юқорида қайд этилган белгиларнинг иккинчи қисмига асосан ёндашувларини кўриш мумкин.
Зикр этилган белгиларнинг биринчи қисми устивор бўлганда эса, тарғиботлар асосан оммавий ахборот воситалари, айниқса бугунги кунда оммавийлашган электрон ижтимоий тармоқлар ва ҳаракат ташкил этилган мамлакат вакилларини хорижий базаларга жалб этиш воситасида амалга оширилади.
Миссионерликнинг бундай сиёсий мазмундаги ҳаракатлари аксарият ҳолларда манипулятив ва мавжуд сиёсий режимдан имкон излашга ундаш кўринишда намоён бўлади. Миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари аввало, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини издан чиқариши, давлат бошқарувида тартибсизлик ва парокандаликни вужудга келтириши, мамлакатда бир-бирига қарама-қарши гуруҳларни шакллантириш орқали, миллатлараро, динлараро зиддиятларни тўғдириб, давлат миқёсида айирмачиликни келтириб чиқараётганлиги айниқса хатарлидир.
Агар сен кетсанг, ҳаётинг чилпарчин бўлади
Ривожланган давлатлар миссионерлик ташкилотлари орқали хорижий давлатлардаги ички “иқтисодий муаммолар”ни бартараф этишда бевосита иштирок этишади. Миссионерлик стратегиясида фуқароларни жамият ва давлат миқёсидаги “иқтисодий муаммолар”ни бартараф этишда иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунда миссионерлар моддий ва молиявий ёрдам кўрсатишнинг турли хил усулларидан усталик билан фойдаланишмоқда.
Ушбу режларини амалга оширишда “меҳрибонлик уйлари”, “кўзи ожизлар жамияти”, “қариялар уйлари”га “беғараз” хайрия ёрдами кўрсатаётганлиги улар амалиётининг ошкора кўринишларидир. Миссионерлик ташкилотлари ўз фаолияти тўғрисидаги муайян ахборотни “махфий” равишда сақлаш орқали жамият ва давлат миқёсидаги жараёнларга таъсир кўрсатишга интилишади. Хусусан, жамият ва мамлакатдаги реал ҳаётни рад этиш яъни ҳақиқатни бўзиб кўрсатиш орқали ўзларини фаолиятини ниқоблашга ҳаракат қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Миссионерликнинг асосий мақсади жамиятда ўзларига хайрихоҳ бўлган гурухлар ва тарафдорлар сонини шакллантириш орқали мамлакат ўстидан ўз назоратини ўрнатишдир. Айниқса, бир динга эътиқод қилувчи диндорлар орасига низо ва нифоқ солиш орқали фуқароларни ўзга динга ўтказишга бўлган интилишлар тобора кучаймоқда. Хусусан, мусулмонларни христианликка, христианларни эса кришначиликка, проваславларни протестантликка “даъват этиш” бевосита миссионерлик натижасида содир этилмоқда.
Миссионерлик тарафдорлари томонидан инсонларни ташкилотга аъзо қилишда энг аввало, уларни маънавиятига таъсир кўрсатиш муҳим ўрин эгаллайди. Миссионерлик тарафдорлари хали онги шаклланмаган, миссионерлик тўғрисида аниқ билим ва тассаввурга эга бўлмаган инсонларни онги ва қалбини забт этиш орқали уларни ўз тузоғига илинтиришда мохирлик билан ёндашади. Айниқса, ташкилотдан кетишга интилаётган аъзоларга доимий равишда таҳдид қилиш орқали “агар сен кетсанг, ҳаётинг чилпарчин бўлади” ёки “қалбинг қийма-қийма бўлади”, “сен дузахга тушасан”, ёки “қариндошларинг ташвиш чекади” ёки “ҳаётинг хавф остида қолади”, дея таъкидлаб қўрқитишади.
Миссионерлик фаолиятида инсон иродасини синдириш, унинг фикрлари, ҳиссиёт ва ҳулқини назорат қилишга қаратилган психологик таъсир воситаларидан фойдаланилади. Қўлланиладиган услубларларига қараб миссионерликни тоталитар (ижтимойи хавфли)лиги ёки деструктив (бузғунчи)лигини белгилайди. Аксарият миссионерлик ташкилотлар шахсий манфаатларини қонундан устун қўйишга интилади.
Ташкилотнинг аъзолари ўз олдиларига қўйилган мақсадлари “хаққоний” ва “адолатли” эканлигига ишонсалар-да, улар алдаш, фирибгарлик орқали инсонларни тўғри йўлдан адаштиришади. Хусусан, мазкур ҳаракат тарафдорлари “ўзларининг диний ғояларини” тарғибот ва ташвиқот қилиши орқали инсонларни ўз тузоғига илинтиришга замин яратмоқда.
“Экспорт” қилинаётган ёт ғоялар
Бугунги кунга келиб геосиёсий кучлар мувозанатининг тобора ўзгариши, айрим ривожланган давлатларнинг ўз демократиясини “экспорт” қилиш орқали дунёга ҳукмронлик қилиш мақсади билан чамбарчас боғланиб кетган. Яқин Шарқ минтақасига, жумладан, араб мамлакатларига ўз таъсирини ўтказишга уринаётган кучлар ўртасидаги геосиёсий рақобатнинг кучайиши улар мустақиллигига таҳдидларнинг янги турлари сифатида намоён бўлаётганини кўрсатади.
Бундай ҳаракатлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, жумладан, айрим араб ва Марказий Осий давлатларининг геосиёсий ва геостратегик аҳамияти ортиб бораётгани, улкан табиий-иқтисодий ва бошқа ресурс салоҳиятига эгалиги улар хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид ва хатарлар сақланиб қолаётган минтақа сифатида ҳамон жаҳон ҳамжамияти диққат марказида турганлигини ҳам англатади.
Ваҳоланки, миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари моҳиятида “инсон ҳуқуқлари”, “виждон эркинлиги”, “деморактик эркинликлар”ни олға суриш учун кўрсатилаётган “кўмак” аслида мамлакатни парокандалик сари сиёсий бошбошдоқликка етаклаётганлиги билан яққол намоён бўлмоқда. Миссионерлик ва прозелитизм орқали амалга оширилаётган “Демократия” ниқобидаги уринишлар мана шундай нохушликларни келтириб чиқариши мумкинлигини англаш барчадан жиддий фикрлашни тақозо этади.
Бузғунчи ғояларга қарши қатъий иммунитет яратмоғимиз даркор
Халқимиз, миллатимизни турли сохта ва зарарли ғоялар таъсиридан асрашда энг авалло, ўз қадриятларимизни эъзозлаш орқали белгиланган мақсад ва вазифаларимизга эришамиз. Умуман олганда миссионерликнинг таъқиқланиши ҳам сиёсий, ҳам маънавий, ҳам ижтимоий сабаб ва омилларга асослангандир. Мақсадимиз миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлаш орқали мустақиллигимизни мустаҳкамлашдир.
Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, миссионерлик таҳдидини бартараф этишда ҳукуматимиз томонидан миссионерликка оид илмий-маърифий манбалар хамда муомманинг амалиётдаги ҳолатини ўрганиш орқали илмий тажрибалар асосида аҳолининг кенг қатламларини маънавий-маърифий қадриятларини шакллантиришнинг назарий-амалий асосларини белгилаш муҳим вазифа ҳисобланади.
Миссионерлик таҳдидларидан доимо огоҳ бўлиш, мазкур ҳаркатларни ўз вақтида англаш, уларни бартараф этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Зеро, глобал дунёда тинчлик ва барқарорликка рахна солиш орқали ўзида разил ва бузғунчи ғояларни намоён этувчи миссионерлик таҳдидига қарши мунтазам огох, сезгир, хушёр бўлиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлигини ҳар бир юртдошимиз англаши лозим.
Наргиза МАМАЗИЯЕВА тайёрлади
Таҳририят фикри муаллиф фикридан фарқ қилиниши мумкин