Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

ҚАБОҲАТГА ЕТАКЛАГАН ЙЎЛ

Похожее изображениеТинчлик буюк неъматдир! Чунки осуда ҳаёт, яратувчанлик ва фаровонлик умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби шак-шубҳасиз ушбу муқаддас неъмат билан боғлиқдир. Шу сабабли ҳам қадим-қадимдан ота-боболаримиз тинчлик-осойишталикни асраш учун ўз ҳаловатидан кечиб бўлсада ғанимлар билан курашиб келганлар. Душманлардан оилаларини, фарзандларини, бутун бир халқини ҳимоя қилишган. Бироқ, тинчлик кушандалари ҳар замонда тинч аҳоли ҳаётига хавф солиш, бойлик орттириш, дунёга ҳукмдорлик қилиш каби ёвуз мақсадлар йўлида қанчадан-қанча инсонларни ўз қурбонларига айлантиришга улгуришди. Бироқ ҳаётда ҳақиқат ва адолат бор экан, зулм ва қабоҳат ҳеч қачон ғалаба қозонмаслигини тарихнинг ўзи исботлаб берди.

 Неча-неча давлатларда уруш оловини ёқиб, тинч халқлар ҳаётига раҳна солган, неча минглаб одамларнинг ҳаётдан бевақт кўз юмушига, жабр- ситам тортишига, қўрқув ва ҳавотир ичида яшашга мажбур қилган диний экстремизм ва терроризм гуруҳи азоларининг қилмишларини эшитиб,уларга нисбатан қалбда улкан нафрат алангаси ёнади. Бу зулмкор ғанимларнинг тинимсиз азоб ва қийноқларидан юрак бағри қонга тўлган одамлар, ҳали кичик бўла туриб, болалик гаштини сурмай, оғир синовларни кўриб қўйган бегуноҳ болалар, оиласи, фарзандларидан бир зумда жудо бўлиб аламли нола чеккан оналар, фарзандлари кўз ўнгида шафқатсиз калтакланганган ёки ўлдирилган оталар эҳе, бу кўргуликларни,хўрликларни инсоният бошига солган террорчи гуруҳлар ўзлигини, меҳр-оқибат, раҳм- шафқат нима эканлигини аллақачон унутиб юборгани аён ҳақиқат.

 Ўзининг ақидапарстлик ғоялари билан дастлаб ёшларни, жалб этиб, онгини заҳарлаб, кейин эса қўлига қурол тутқазиб қўпорувчилик ишларига бошлаган, ёш, нав-ниҳол йигит-қизларни манқуртларга айлантирган оқим вакиллари охир оқибат ўзининг ғаразли мақсадига, яъни ҳокимятга эгалик қилишга эришадими? Албатта йўқ! Зеро, дунёда адолат муқаррар, жиноятга эса жазо тайиндир.

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, диний экстремизм ва терроризм гуруҳи вакиллари ўзларининг ёвуз ғояларини тарғиб қилишда, жамиятда норрозилик кайфиятини тарқатишда ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишади. Аввало ёшларнинг ички дунёсига таъсир кўрсатувчи суҳбат,ёқимли муомала, ислом динини ниқоб қилиб кўрсатиш, чет давлатларига саёҳатга таклиф этиш, бу йўлдаги ёлғон ваъдалар, мўмай даромад топишга ишонтириш, бу каби хаёлларга ёшларни ғарқ этиб, уларни террористик, қўпорувчилик ҳаракатлари олиб борилаётган давлатларга чақириб, бошларига аламли азобларни ёғдирган кимсалар ҳақида кўп ва ҳўп эшитганмиз. 

 Айрим ақидапарст оқим аъзолари интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида бора-бора ёшларга «Куфр диёри»,«Ҳижрат», «Жиҳод», «Шаҳидлик»,«Ҳалифаликни тиклаш» каби ғояларни сингдириб, улар турли тўқнашув ва низо ўчоқларига жалб қилинган. Ана шундай тинчлик кушандаларининг ноғорасига ўйнаган дийдаси қотиб ,мустақил фикрлашдан маҳрум бўлган ёшлар ўзи англамаган ҳолда ҳар қандай жиноят ва қотиликка қўл уриши шубҳасиздир. Ижтимоий тармоқлар,оммавий ахборот воситаларида ана шундай манфур кимсалар тўрига илиниб азоб уқубат чеккан аёл ва қизлар ҳақида кўп гапирилади.

 -19 Ёшимда чет давлатида ишлайдиган акам мени аёли ва фарзандларига қўшиб ўзи ишлаётган жойга келишимизни тайинлади ва бунинг учун етарли маблағ ҳам жўнатди,-дейди ижтимоий тармоқларда бир аёл.

- Акам ҳорижда ишлаб бизга тез-тез пул жўнатиб турарди.Ота-онамнинг кўнгли тўқ, чунки, акам ҳар бир телефондаги суҳбатда яхши ишлаб юрганини ҳавотир олмасликларини айтарди.Шу сабабли ҳам улар акамни олдига бориб саёҳат қилиб келишимизга рози бўлишди.

 Мен ҳали ёшман. Болалик завқи кетмаган. Самолётга ўтириб чет элга кетаётганимдан ҳурсанд эдим Дугоналарим эса ортимдан ҳавас қилиб қолишди. Қани биз ҳам саёҳатга чиқсак қандай яхши. Жуда бахтлисан, дея қўл кўтариб қолишди. Ҳа, улар айтганидек, мен гўёки энг бахтли инсонга айлангандим. Ширин ҳаёллар то самолётда манзилга етиб боргунча кўнглимга ҳузур бағишларди.

Биз бир неча соатдан сўнг акам ишлайдиган давлатга етиб бордик. Лекин аэропортда акам кўринмасди. Соқоли кўксига тушган устига ғалати кийим кийиб олган бир киши турарди.

- Зебо келдиларингми? Намунча хаялладиларинг! Ҳалиги киши яна нималардир деб гапирарди-ю мен уни танимасдим.

- Зебо деяпман.

- Ие, бу одам мени исмимни қаердан билади, деб ёнига яқинлашганимдагина уни акам эканлигини пайқадим.

- Ҳа, ҳудди акамни овози ўҳшаяпти. Тавба одам дегани шунчаям ўзгариб кетадими?

Мени акам бошқача эди. Унга ўз вақтида қанчадан-қанча қизлар мафтун бўлган. Ўша чиройли акамдан бугун асар ҳам қолмабди-я. Шу ҳаёллар билан акамга яқин келдик. Келин ойим ва жиянларим у кишини таниб ёнига ошиқишди. Акам бўлса ҳамон менга сўз қотарди.

- Зебо наҳот мени танимаяпсан, ўз акангни-я.

Яқинлар дийдорлашганимиздан кейин акам ҳудди ўзига ўхшаб кийиниб олган шериги билан машинада номаълум жойга олиб кетишди. Биз бораётган жой ҳавас қиладиган, орзуимдаги сеҳрли мамлакатга ўхшамасди. Кенг дала майдонларидан ўтиб охири кўримсиз майдонга ўхшаган жойга етиб бордик.

- Ие, ака қаерга келдик бу жойларни нимаси яхши гиёҳ ўсмайдиган чўлга ўҳшаркан-а. Мен бошқача тасаввур қилгандим. Ундан кўра ўзимизни қишлоғимиз чиройли. Акам бу гапимга сохта кулиб,- қанақа дала бу ерда одамлар яшайди оиласи ва фарзандлари билан сен ҳам кўникиб кетасан деб келинойимга боқди. Келинойим ҳўжайинининг гапини тушунгандек, унинг фикрини менга етказишга ҳаракат қиларди.

- Зебохон акангиз бизни ёмон жойга чақирармидилар. Аввал ишлайлик, бу ерда ҳам яшаб кўрайлик, кейин чиройли шаҳарларни ҳам кўрамиз Ҳудо ҳохласа, синглим. Келинойим менга бу гапларни айтар аммо унинг ҳам нигоҳида хайронлик, турли ҳавотирли ўйлар ўтаётгани сезилиб турарди. Акам бизни шу он бир ҳужрага бошлади. Кўринишидан жуда ҳароба менга сира ёқмасди.

- Энди шу ерда яшайсизлар, нима керак бўлса айтинглар дея акам чиқиб кетди. Эртаси куни акам келинойим ва менга қора рангли ҳижоб либосини олиб келиб қўлимизга тутди ва бугундан бошлаб шу кийимда юришимизни уқтирди. Ажабо, бу либос одамнинг бутун вужудини, ҳатто юзини ҳам беркитиб қўяркан.

- Эй бу кийимда юролмайман, бунга ўрганмаганман димиқиб қоламан десам, акам энди жиддийлашиб буйруқ оҳангида дарҳол эгнимизга кийишимиз шартлигини тайнлади. Наилож, кўнмасликдан ўзга чора йўқ. Барига ўзим айбдорман. Нега бу ерга келдим ўзи. Бу жойларда тинчликни ўзи йўқ. Ҳар куни акамнинг шериклари қўлига қурол олиб машғулот ўтишлари, отишмалар, ўқ овозларидан жиянларим уҳлашолмай йиғлаб чиқишади. Ҳатто бу ерда аёллар ҳам машғулотларда қатнашишади. Қўлига қурол олиб отишни, жанговор ҳаракатларни ўрганишади. Айрим аёллар гуруҳи белига нимадир боғлаб, осмонга боқиб нималарнидир такрорлар овозлари борган сари кучаярди. Бу машғулотларга мени ва келинойимни ҳам қатнашишимизни буюришди.

 Орадан кунлар ўтганидан сўнг акам мени бундан буён бошқа ҳужрада яшашимни тайинлади.

-Йўқ бир ўзим ҳужрада якка яшашга қўрқаман, десам ҳам акам бу шартлигини айтиб ўша ҳужрага етаклаб борди.

 Мени шундай қилиб ясатилган ҳужрага олиб киришди. Аввал ҳайрон бўлдим.

-Қизларни эҳтиётлаб шундай ҳужраларда асрашса керакда деб хаёл суриб мутлақо нотўғри ўйлаганимни тушундим. Сабаби сал ўтмасидан акам ҳужрага ёши анчагина катта соқолдор одамни олиб келиб энди унга никоҳланишимни айтди. Бу ерда аёлларнинг маҳрамсиз юриши мумкинмаслигини уни турмуш ўртоғим деб қабул қилишимни уқтирди.

-Нима тушунмадим. Шу кишига турмушга чиқаманми? буни асло хаёлингизга ҳам келтирманг.

 Мен ҳали ёшман, келин бўлсам ҳам ўз юртимда келин бўламан. Ўзимга муносиб йигитга ёр бўламан деб оёқ тираб турсам ҳам, кўз ёшларимга қарамай, ялиниб ёлворишларимга парво қилмай отамдан катта одамга никоҳлашди. Бу мен кўрган азобларнинг бошланиши эди.

 Акамдан ҳам, синглим деб юрган келинойимдан ҳам кўнглим қолиб кетди. Барига улар айбдор.

Мени никоҳига олган одамдан ҳар куни калтак ейман. Азоб ва хўрликдан ёшлигим ҳароб бўлди. Нечи марта жонимга қасд қилмоқчи, бу ерлардан қочиб кетмоқчи бўлганим учун жазо сифатида аёвсиз калтакланишлар жонимдан ўтиб кетди. Бу ерни одамлари турмуш ўртоғи билан вақтинча яшаб кейин ўзга бир кишига туҳфа этар экан. Ҳа бу ерда аёл тақдири ўйинчоқ.

 Аёл борки хўрликка маҳкум. Қўлдан қўлга ўтишлар давом этаверади. Ана шундай оғир кунларда мени яна бир кишига никоҳлашди. Унинг юзига ҳам қарамай ҳаётим поёнига етди деб турганимда ҳалиги одам дилини очди. У бу ерга адашиб келиб қолганини, ватанимга қайтишимга, бир иложини ториб ёрдам беришини, бу азоблар тугашини айтиб кўнглимга таскинлик берди. Ўша одам алдамаган экан, сўзини устидан чиқди. Бу иш ўта хавфли бўлсада азоб ўлкасидан қочиб юртимга қайтишимга ёрдам берди. Унинг тақдири кейин нима бўлди экан билмалим. Бу ишини бошлиқлари сезиб уни ўлдиришдими ёки жазолашдими билмадим. Аммо мен ўша одамдан жуда миннатдорман.У менга яқинларим кўрсатмаган меҳр-шафқатни яхшиликни берди.

 Юртимга эсон-омон етиб келганимга бир томондан ҳурсанд бўлсам бир томондан яқинларим,ота онам олдида бошим эгилди. Ҳам юртларим олдида юзи қаро бўлдим. Шукурки, тинчликсевар кечиримли давлатимиз мени кечирди. Иш бериб жамиятда ўз ўрнимни топишимга ёрдам берди.

 Ҳа, бу каби воқеалар ҳақида эшитиб, юрак ларзага келади. Терроризм ортидан минг азоб кўрган инсонлар, увол бўлган умрлар, аянчли тақдирлар, бизни яна ва яна огоҳликка ҳушёр ва сергак бўлиб яшашга, тинчликни асрашга. чорлайверади. Аслида осойишта кунларнинг қадрига етиш, шукроналик туйғулари билан яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, ўқиш, илмли,маърифатли бўлиш, маънавиятни юксалтириш, ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиш, фикр соғломлиги барчамизни бундай иллат ва зарарли оқимлардан йироқ бўлиб тотув ва фаровон ҳаёт кечиришимизга мустаҳкам замин яратади.

Иқболжон Абдужабборов


Back to the list