- Bosh (sahifa)
- nashirlar
- Tahlill
- Тошкент яна Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларга мезбонлик қилиши мумкин
Тошкент яна Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларга мезбонлик қилиши мумкин
"Вестник Кавказа" нашрининг экспертлари Марказий Осиё бўйича Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнида муҳим ўрин эгаллаган Женева конференциясини таҳлил қилган. Мақолада Афғон президенти Ашраф Ғанининг тақдим этган "йўл харитаси", ҳукуматнинг Толибон билан бўлажак музокаралари Тошкентда бўлиши эҳтимоли ҳақида бир қатор мутахассисларнинг фикрлари акс этган.
“Толибон билан тинчлик музокараларини олиб боришнинг “йўл харитаси” тайёр”, деди Афғонистон президенти Ашраф Ғани. У бу ҳақда 28 ноябрда Женевада Афғонистон масаласи бўйича ўтказилган халқаро конференцияда айтиб ўтган. Расмий Қобул Толибон вакиллари билан мулоқотни бошлашга тайёр ва муваффақиятга эришишига ишонади.
Аввал Тошкентда, кейин Москвада бўлиб ўтган қатор учрашувлардан сўнг томонлар музокара олиб боришга рози бўлишди. Толибон вакиллари расмий афғон ҳукумати билан музокаралар олиб боришга рози. Бироқ улар бу АҚШ билан мамлакатдан хориж қўшинларининг олиб чиқилиши ҳақида бирор келишувга эришилгандан сўнг бўлишини билдиришди. Мутахассисларнинг фикрича, толиблар АҚШ билан музокаралар борасида савдолашмоқчи.
Европа Иттифоқи Афғонистонга сиёсий ва ижтимоий соҳаларни ислоҳ қилиши учун ярим миллиард АҚШ долларидан кўпроқ маблағ ажратди. Бу келишув куни кеча Женевада имзоланди. Мутахассислар фикрича, бу расмий ҳукумат билан толибларни музокарага ундаши лозим.
Президент Ашраф Ғани яқин орада мухолифат билан мулоқот ўрнатади. У Президент маъмурияти раҳбари Абдулла Саамам Раҳими бошчилигидаги 12 кишилик музокарачилар гуруҳи ташкил этилганини айтди. Толиблардан Қатардаги ваколатхонаси раҳбари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай, унинг ўринбосарлари Абдусалом Ҳанафи ва Шаҳобиддин Диловар, шунингдек, ваколатхонанинг бошқа аъзолари – Зиё ур-Раҳмон Мадани ва Муҳаммад Суҳайл Шаҳинлар ҳукумат гуруҳи билан музокара олиб борадилар. Улар Тошкентдаги ёпиқ музокараларда ва Москвадаги конференцияда иштирок этганлар. “Халқаро трансмиллий жиноятчилик ва террорчилик ташкилотлари билан алоқадор жангари гуруҳлар билан музокаралар олиб борилмайди,” – деди Ашраф Ғани.
Афғонистон бўйича мутахассис Қосим Бекмуҳаммедов айтишича, Ўзбекистон музокаралар ва бошқа учрашувлар учун асосий майдон бўла олади. “2018 йилнинг 26-27 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Афғонистон – тинч келажак сари йўл” вазирлар даражасидаги халқаро конференцияда Афғон муаммосига таъсир кўрсата оладиган етакчи давлатлар – Россия, АҚШ ва Хитой каби мамлакатлар иштироки унинг муваффақиятини таъминлади. Расмий Кобул Тошкентнинг барча ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Минтақадаги давлатлар орасида Ўзбекистонгина кўпроқ Афғонистонда тинчлик жараёнига ёрдам бериш тажрибасига эга. 1999 йилда Тошкентда Афғонистонга қўшни мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари ўринбосарлари даражасидаги “6+2” мулоқот гуруҳи учрашуви бўлиб ўтганди. Унда низолашаётган томонлар билан бир қаторда АҚШ ва Россия вакиллари иштирок этганди.Бўлғуси музокараларга Тошкент мезбонлик қилиши мумкин. Чунки, АҚШ Афғонистон борасидаги муаммоларни ҳал қилишда расмий Тошкентга ишонади. Ўзбекистон Афғонистон бўйича ўз стратегиясига эга ва бу ўзгармасдан келмоқда. Стратегиянинг асосий тамойиллари: ҳарбий ечимлардан воз кечиш, сиёсий мулоқот ўрнатиш, Кобулга ва унинг ички ишларига минтақадан ташқаридаги давлатларнинг таъсирини камайтириш, иқтисодиётга асосий эътиборни бериш. Шу сабаб, Ўзбекистоннинг Афғонистон масаласида модератор бўлиш имконияти мавжуд.
“Албатта бу борада Ўзбекистоннинг ўрни муҳим. Бироқ АҚШнинг ёрдамига қарамасдан Тошкент (ёки Москва) мезбонлик қиладиган учрашувларда Афғонистон бўйича жиддий қарорлар қабул қилинишини кутмаслик керак. Чунки, яқин йилларда афғон масаласида АҚШ асосий ўйинчи бўлиб қолаверади. Толиблар Афғонистондаги тинчлик жараёнига алоқадор бўлган жиддий ўйинчилар ичида АҚШ билан музокара олиб боришни маъқул кўради. Чунки, бошқалардан кўра, АҚШдан кўпгина нарса қўлга киритиш мумкин,” – деди Бекмуҳаммедов.
Стратегик баҳолар ва башоратлар маркази директор ўринбосари Игор Панкратенконинг айтишича, Тошкент ТАПИ каби жиддий иқтисодий лойиҳаларда иштирок этиши орқали Толибоннинг “расмийлашуви” ва “ҳокимиятга кириши” муаммосига янгича ёндашувни таклиф қилди.
Бунга Пекинда, Исломободда ва Деҳлида истамай рози бўлишди. "Ўзбек дипломатияси жуда қисқа вақт ичида ушбу йўналишда кўп нарсаларга эришди. Тошкентнинг фаоллиги авжига чиққанида Москванинг ташаббуси (Москвадаги Афғонистон бўйича конференция) ушбу пойтахтларда тушунмовчиликни келтириб чиқарди. Хитойда, Ҳиндистонда ва Покистонда “аниқ келишувлар бор бўлса, Ўзбекистоннинг уринишлари бекор кетмаётган бўлса, Кобул ва Толибон ҳам Тошкент билан алоқа ўрнатган бўлса, Москвага бундай фаоллик нега керак?" деган саволларни пайдо қилди”, – деди Панкратенко.
Замонавий Афғонистонни ўрганиш маркази етакчи мутахассиси Андрей Серенко айтишича, 9 ноябрда музокараларнинг Москвага кўчирилиши ва Толибон делегациясининг ташрифи нафақат америкаликлар ва расмий Кобулни ташвишлантирди, балки ташқи томондан Москванинг ҳаракатига мойилроқ бўлган мамлакатларни ҳам ҳушёрликка тортди. “Тошкентнинг афғон масаласида минтақавий муқобил сифатидаги ролининг кучайиши Афғонистонда у ёки бу манфаатларга эга бўлган мамлакат атрофидаги ва ундан ташқаридаги бир қатор давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган бўларди”, – деди Серенко.
Ўзбекистон Афғонистон билан сиёсий мулоқотдан ташқари фаол иқтисодий ҳамкорлик олиб бормоқда.
Сиёсатшунос Рафиқ Сайфулин Ўзбекистон томонидан мўлжалланган барча лойиҳалар бажарилиб келинаётганини айтди. Бу чегарабўйи савдо бўладими, ёки электр энегиясини етказиш бўладими, мамлакат барчасини ўз имконият ва ресурсларидан келиб чиқиб амалга оширмоқда.
2018 йил июлидан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш йилига 1000 мегаваттга оширилди. Экспорт қилинган электр энергияси нархи деярли 30 фоизга, бир киловаттига 3,5 афғони (0,05 АҚШ доллари)га туширилди. Энергия етказиб беришни кўпайтириш учун Ўзбекистон узунлиги 260 км бўлган “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатишнинг янги йўналишини қуришни бошлади. Ушбу тармоқнинг 45 км Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. 150 млн АҚШ долларлик қийматидаги мазкур электр узатиш йўналишини молиялаштириш афғон ҳукумати ҳисобидан, аниқроғи, АҚШ томонидан назорат қилинадиган Афғонистонни тиклаш Халқаро фондининг 120 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағи асосида амалга оширилади.
Лойиҳанинг қолган қисми “Ўзбекэнерго” очиқ акциядорлик жамияти томонидан молиялаштирилади. 2018 йил июнида Тошкент ва Қобул ўртасида мамлакат шимолида углеводород хомашёсини қазиб олишга киришиш маҳсулотини тақсимлаш ҳақидаги Келишув имзолангани катта аҳамиятга эга бўлди. “Бироқ, бу Афғонистондаги вазиятга таъсир этиш учун етарли эмас,” – хулоса қилди Сайфулин.
Манба: turon24.uz