Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

«Толибон» электр узатиш устунларини портлатиб, Кобулни электр токидан узиб қўйди

226

«Толибон» жангарилари Афғонистоннинг Бағлон вилоятидаги  электр узатиш линиялари устунларини портлатиб, Кобул ва унинг атрофидаги вилоятларни электрсиз қолдирди. Бу ҳақда Афғонистоннинг «Брешна» миллий энергетика компаниясига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

«Бағлон вилоятининг Келагай аҳоли пунктидаги электр узатиш минораларига зарар етгани сабабли Кобулга ва бир қатор вилоятларга импорт қилинадиган электр энергиясини етказиб бериш тўхтатилди. Компаниянинг техник ходимлари муаммони ҳал қилишга ва вазият яхшиланиши билан пойтахтга ва ушбу вилоятларга электр энергиясини қайта улашга ҳаракат қилмоқда», — дейилади хабарда.

Афғонистон электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қўшни Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондан электр энергиясини импорт қилиш орқали қоплайди. Давомий тўқнашувларда жангарилар вақти-вақти билан электр узатиш линиялари устунларини нишонга олмоқда.

Афғонистон Миллий армиясининг матбуот маркази бир кун ичида «Толибон»нинг 187 жангариси ўлдирилгани ҳақида хабар берди. Кун давомида Кунар, Лувгар, Ғазни, Хост, Қандаҳор, Урузган, Фарёб, Балх, Жузжон, Саманган, Ҳелманд, Тохар, Қундуз, Бағлон ва Каписа вилоятларида фаол жанговар ҳаракатлар амалга оширилган.

АҚШ ҳарбийлари ушбу ҳафта «Толибон»га қарши курашаётган Афғонистон ҳукумат кучларини ҳаводан қўллаб-қувватлаш учун самолётлар ва дронларни қўллади.

«Сўнгги кунларда одамлар томонидан бошқариладиган қурилмалар ҳамда учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида авиазарбалар амалга оширилди», — деди АҚШ давлат департаменти вакили майор Роберт Лодевик. У операцияларнинг бошқа тафсилотларини келтирмади.

Ўз навбатида, AP нашри рейдларда қатнашган самолётлар Афғонистон ташқарисидаги аэродромлардан учирилганини таъкидламоқда, чунки АҚШ аллақачон Афғонистондан жанговар самолётларини олиб чиқиб кетган.

AP қайд этишича, Қўшма Штатлар ҳаво ҳужумларини ўтган ҳафта бошлаган. Америка вакиллари ушбу зарбаларнинг нишони «Толибон» позициялари ва улар қўлга киритган ҳарбий техникалар эканини айтган.

Аввалроқ «Толибон» ҳужумларни тўхтатмаса, АҚШ уларга авиазарбалар беришда давом этишини маълум қилган эди.

Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқила бошлангандан сўнг, «Толибон» Кобул, Қандаҳор, Мозори-Шариф каби шаҳарларга қатор йирик ҳужумлар уюштирди, аммо уларни қўлга кирита олмади. Ўтган ҳафта ҳаракат вакиллари мамлакат чегараларининг 90 фоизини назорат қилаётганини маълум қилди. БМТнинг таъкидлашича, «Толибон» сўнгги 20 йил ичидаги энг кўп ҳудудларни ўз назоратига олган.



Манба: daryo.uz



Munosabat bildirmoq


Back to the list