Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

АҚШнинг Ироқдан чиқиб кетиши Яқин Шарққа қандай таъсир қилади?

237

Аввал Афғонистон, энди эса Ироқ. Ироқ бош вазири Мустафо ал Қадимий АҚШ президенти Жо Байден билан учрашиш учун Оқ уйга ташриф буюрганида АҚШнинг ушбу мамлакатда қолган барча жанговар кучлари «АҚШ-Ироқ стратегик мулоқоти» доирасида жорий йилнинг охирига қадар чиқиб кетиши маълум қилинди. Ушбу баёнот иккита саволнинг туғилишига сабаб бўлмоқда:

Биринчидан, бу ҳолат минтақада қандай ўзгариш яратади?

Иккинчидан, ушбу вазият Яқин Шарқнинг катта қисмини даҳшатга солган ва олис Лондон, Тринидад ва ҳатто Австралиядан ҳам жангчилар ёллашга қодир бўлган ИШИДнинг қайтишига имконият пайдо қиладими?

АҚШ 18 йил олдин босиб олинган Ироқда ҳозирда атиги 2 минг 500 нафар оддий аскар ва ИШИДга қарши жанг қилаётган кичик, аммо сони маълум қилинмаган махсус аскарлар қолган, холос.

Маълумот учун, АҚШ Ироққа бостириб кириши пайтида 160 минг кишилик қўшинни ушбу ҳудудга жойлаштирганди.

Ироқдаги АҚШ қўшинлари ҳозирда фақат учта базада жойлашган. Бу кучлар Эрон ҳомийлигидалиги айтиладиган қуролли гуруҳларнинг ракеталари ва дронлари нишонига айланмоқда.

Айни пайтда АҚШ ҳарбий хизматининг асосий вазифаси Ироқ хавфсизлик кучларини ИШИДнинг вақти-вақти билан кучайиб бораётган ҳужумларига қарши ўқитиш ва қўллаб-қувватлашдир. Бироқ АҚШ ҳарбийларининг мамлакатда бўлиши жуда зиддиятли масала.

Айниқса, 2020 йил АҚШ томонидан Эроннинг «Ал-Қудс» кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний ва Ироқ шиалари қўмондони ўлдирилгандан бери Эроннинг юқори мартабали сиёсатчилари ва қуролли гуруҳлари америкалик аскарларнинг мамлакатни тарк этишини талаб қилмоқда.

Ҳатто бирор сиёсий блокнинг бир қисми бўлмаган ироқликлар ҳам ўз давлатларининг чет эл кучларидан озод бўлганини кўришни исташади. Чунки хорижликлар аннексияси Ироқ халқи учун жуда жиддий ҳиссий муаммо бўлиб қолмоқда.

Вашингтонда ҳам аскарларни қайтариш тарафдори бўлганлар бор. Бироқ улар бу ишни «Ироқни Эронга топшириш» эвазига амалга оширмаслик керак, деб таъкидлашмоқда.

Байден Яқин Шарқдаги «абадий урушлар» деб таърифлаган урушдан АҚШ ҳам узоқ вақтдан бери чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ ва унинг иттифоқчилари тобора кўпроқ эътиборини Осиё-Тинч океани минтақаси ва Жанубий Хитой денгизига қаратаётган бир пайтда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш жараёни ҳам тобора тезлашмоқда.

ИШИД қайта пайдо бўладими?

Бу ўзгаришлар фонида ИШИДнинг қайта пайдо бўлиши ва тарихни такрорлаш эҳтимоли жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.

АҚШнинг аввалги президентларидан Барак Обама 2011 йилда АҚШ қўшинлари Ироқдан чиқиб кетишини эълон қилганди. Аммо кейин ҳам мазкур мамлакатда АҚШ аскарлари қолиши давом этди. 2014 йилда эса Ироқдаги сиёсий нотинчликлар ва Сурияда бошланган фуқаролар уруши туфайли мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Мўсулни эгаллаб олиш ва ўз назоратидаги ҳудудларни кенгайтириш борасида ИШИД учун мукаммал муҳит пайдо бўлади.

Хўш, бундан кейин ҳам шунга ўхшаш ҳолат юзага келиши мумкинми? Қайта тикланган ИШИД руҳий тушкун, АҚШ томонидан ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватланмайдиган Ироқ армиясини яна бир бор четга улоқтириб ташлаши осон бўлиб қолмайдими?

Бир қатор сабабларга кўра, бундай бўлишининг эҳтимоли олдингига нисбатан камроқ.

2010-йилларнинг ўрталарида ИШИД Ироқ бош вазири Нури ал-Маликийнинг шиа ҳукуматига қарши бўлган суннийларнинг кескин норозилигидан фойдаланади. 2006-2014 йиллардаги бош вазирлиги даврида Маликий суннийларнинг ҳуқуқларини мунтазам равишда чеклаб қўяди ва ўз сиёсати билан уларнинг кўпчилигини ИШИДнинг шай турган қўлларига отади.

Бугунги сиёсий вазият гарчи мукаммалликдан йироқ бўлса-да, Ироқнинг турли этник гуруҳлари учун маъқул.

Иккинчи сабаб шундаки, ИШИД мағлуб бўлганидан бери АҚШ ва Буюк Британия кўп вақт ва куч сарфлаб, Ироқнинг ҳарбий кучларини ўқитди. Ушбу ҳарбий таълимнинг НАТО кўмагида давом этиши кўзда тутилган.

Учинчидан, ИШИДнинг стратегик раҳбарияти араб дунёсининг марказида кучли қуролланган хавфсизлик кучларига қарши курашиш ўрнига, Африка ва Афғонистон каби ҳукумат таъсири кучли бўлмаган ҳудудларда ўз фаолиятини амалга оширишга кўпроқ эътибор қаратган кўринмоқда.

«ИШИД исёнчиларининг ҳужумлари Ироқ ҳукумати томонидан жиловланганга ўхшайди. Аммо Ироқ суннийлари билан боғлиқ сиёсий келишув бўлмаса, бу қўзғолоннинг асосий сабаблари ўз жойида қолади», дейди Буюк Британиянинг собиқ зобити, Халқаро стратегик тадқиқотлар институти таҳлил марказининг мудофаа бўйича таҳлилчиси Бен Барри.

Ғарбнинг асосий эътибори бошқа минтақаларга қаратилганидан фойдаланиб ИШИД 2014 йилнинг ёзида Яқин Шарқда муваффақиятли ҳарбий кампания ўтказишга муваффақ бўлганди.

Кейин эса ИШИДни мағлуб этиш учун 80 давлатдан иборат коалицияга беш йил ва миллиардлаб доллар сарфланди. Бугун ҳеч ким ушбу воқеаларни қайта бошдан кечиришни истамайди.

Шунинг учун АҚШ жуда оз сонли қўшин қолдириб, асосий жанговар кучларини олиб чиқиб кетаётган бўлса-да, Ғарб давлатлари ҳам ИШИД ёки бошқа радикал гуруҳлар чет элда, айниқса, Ғарбда ҳужумлар уюштириш учун Ироқдан таянч сифатида фойдаланиш-фойдаланмаслигини билишни исташади.

«Агар АҚШ ИШИД ушбу мамлакатдан ташқарида АҚШ нишонларига ҳужум тайёрлаётганини аниқласа, Вашингтон унга бир томонлама ҳужум қилиши мумкин», дейди Барри.

АҚШ Форс кўрфазида, яқин ва очиқ денгизда катта ҳарбий кучга эга. Шу сабабли, унинг бундай аралашувни амалга оширувчи воситалари мавжуд.

Эроннинг узоқ муддатли ўйини

1979 йилдаги инқилобдан бери Эрон АҚШ кучларини ушбу минтақадан чиқариб юборишга ва ўзини минтақадаги етакчи куч сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.

Бироқ Форс кўрфазидаги араб мамлакатларида Эронга бўлган ишончсизлик кучайгани ва АҚШ ўзининг 5-флотини жойлаштирган Баҳрайн каби олтита давлатда базалар мавжудлиги сабабли, ушбу мақсадларни амалга ошириш жуда муваффақиятли бўлди, деб айтиб бўлмайди.

2003 йилда АҚШ бошчилигида Саддам Ҳусайн режимининг Ироқда ағдарилиши Эроннинг тобора кучайиб бораётган таъсири йўлидаги энг катта тўсиқни олиб ташлади. Ўшандан бери Теҳрон имкониятни бой бермаяпти. У шиа жангариларини Ироқ хавфсизлик ташкилоти таркибига муваффақиятли кирита олди. Ўзига хайрихоҳ шахсларни эса сиёсатда кучли мавқега олиб келди. Суриядаги фуқаролар уруши Эронга катта ҳарбий кучлар эшигини очди, қўшни Ливандаги иттифоқчиси «Ҳизбуллоҳ» эса мамлакатдаги энг муҳим кучга айланди.

Эрон узоқ муддатли ўйин ўйнамоқда. Мамлакат раҳбарлари босимни очиқ ёки яширин ушлаб туриш орқали Яқин Шарқни охир-оқибат АҚШнинг «қўли тегмайдиган» минтақага айлантиришга умид қилмоқда.

АҚШ базаларига тез-тез ракета ҳужумлари уюштирилиши ва АҚШ ҳарбийларини мамлакатни тарк этишга чақирган фуқаролик норозиликлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланишининг ортида мана шу нарса турибди.

АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий операцияларини тугатиш тўғрисидаги келишув Теҳронда кўпчилик томонидан тўғри йўлга қўйилган қадам сифатида кўрилади.


Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list