Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” ҳаракатининг бир неча қўмондонларини ҳибсга олди

147

Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари (АММХК) қатор операциялар давомида “Толибон” ҳаракатининг бир неча қўмондонларини ҳибсга олди. Бу ҳақда бугун, 26 июль куни мамлакат Ички ишлар вазирлиги веб-сайтида хабар берилди.

Қайд этилишича, ҳарбий амалиётлар Қобул ва Гор вилоятларини бирлаштирган автомагистрал йўлида амалга оширилган. Ҳибсга олинган “Толибон” қўмондонлари орасида Муҳаммад Жан ҳам бор, у мамлакат йўлларини бошқариш, товламачилик қилиш ва ҳужумларни уюштириш учун жавобгар бўлган. Яна бир неча “Толибон” аъзолари зарарсизлантирилган.

Бундан ташқари, мамлакат хавфсизлик кучлари Гор-Қобул автомагистрали бўйлаб бир нечта қишлоқларни толиблардан озод қилган. Шунингдек, ушбу йўлда ҳаракат томонидан ўрнатилган бешта танкга қарши миналар зарарсизлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, расмий Вашингтон “Толибон” ҳаракати Афғонистон ҳудудларига ҳужумларни тўхтатмаса, АҚШ уларга авиазарба беришда давом этишини таъкидлади.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Манба: qalampir.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list