Dolzarb!

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Нигерияда жангарилар ўғирлаб кетган 100 нафар аёл ва болалар қутқарилди

207

Нигерия ҳукумати мамлакат шимоли-ғарбида аввалроқ жангарилар томонидан қўлга олинган 100 нафар аёл ва болалар озод этилганини эълон қилди, деб ёзади France 24.

Мамлакатнинг Замфара штатида 8 июнь куни бир гуруҳ аёллар ва болалар гаровга олиниб, ўғирлаб кетилган. Ҳодисада тўрт киши ҳалок бўлган. Полиция маълумотларига кўра, болалар ва аёллар 42 кун давомида асирликда сақланган.

Замфара штати ҳукумати гаровга олинганлар товон пулисиз озод қилинганини айтди, аммо бошқа тафсилотлар ошкор этилмади. Манбаларнинг нашрга айтишича, полиция ва штат расмийлари жангариларни одам ўғирлаш иши бўйича уларга қарши ҳеч қандай чоралар кўрилмаслигига ишонтиргандан сўнг, қароқчилар ўғирланган қишлоқ аҳолисини озод қилишга рози бўлган.

Қайд этилишича, гуруҳ уйларига қайтишдан олдин тиббий кўрикдан ўтказилади.

Нашрнинг ёзишича, жиноий гуруҳлар Нигериянинг шимоли-ғарбий ва марказий қисмидаги аҳолини қўрқитмоқда. Улар қишлоқларга ҳужум қилиб, чорва молларини ўғирламоқда, шунингдек, товон пули эвазига озод қилиш шарти билан маҳаллий аҳоли ёки саёҳатчиларни ўғирлаб кетмоқда.

Қуролланган жиноий гуруҳлар Нигериянинг Замфара, Кацина, Кадуна ва Нигер штатларини қамраб олган Ругу ўрмонидаги лагерларда жойлашиб олгани айтилмоқда.

Май охирида Нигер штатида қуролланган жангарилар мактабга ҳужум қилиб, 200 нафар ўқувчини ўғирлаб кетганди.

Ундан аввал жангарилар Замфара штатида мактабга ҳужум уюштириб, 317 нафар ўқувчи қизни ўғирлаб кетгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу воқеадан тўрт кун ўтиб ўқувчи қизлар қайтарилган. Болаларнинг қайтиши тўғрисида вилоят ҳукумати вакили Юсуф Идрис эълон қилган. Аммо у ўқувчи қизларнинг айнан қандай қутқарилгани ва улар учун тўлов тўлаш керакми ёки йўқлигини айтмаган. Қизларнинг барчаси соғ-саломат қайтиб келган.


Манба: daryo.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list