Dolzarb! Для трудовых мигрантов зарубежом
  • Bosh (sahifa)
  • Xabardor boling
  • Yangiliklar
  • Хориждан қайтган фуқаролар учун карантинни меҳмонхонада ўтказиш нархи ва тартиби маълум қилинди

Jonli efirda

Dolzarb video

Barcha video

Siz so'ragandingiz

Хориждан қайтган фуқаролар учун карантинни меҳмонхонада ўтказиш нархи ва тартиби маълум қилинди

259

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 июндаги қарорига мувофиқ, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари камаймаган давлатлардан кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари ва мамлакатда доимий яшаш жойига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларни ихтиёрий равишда ўз ҳисобидан меҳмонхоналарда карантинга олиш тартиби белгиланди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мазкур тартиб бўйича маълумот берди.

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда фуқароларни карантин талаблари асосида жойлаштиришга етарли шароит яратган ва уларни қабул қилишга розилик билдирган меҳмонхона фаолиятини юритувчи тадбиркорлик субъектлари рўйхатлари шакллантирилди. Унга кўра:

  • 300 минг сўмгача нархдаги 599та ўринга мўлжалланган жами 13та;
  • 301-500 минг сўм нархдаги 4256 та ўринга мўлжалланган жами 54та;
  • 501 минг сўмдан юқори нархдаги 3616 ўринга мўлжалланган жами 35та меҳмонхона рўйхати шакллантирилган.

Қўмита томонидан таъкидланишича, битта рейсда Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларнинг Миллий гвардия томонидан тун-у кун қўриқланадиган меҳмонхоналарга тартибли жойлаштирилиши, аҳоли ўртасида коронавируснинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида меҳмонхоналарнинг рўйхати ҳар битта нарх тоифасидан 3тадан – жами 9та энг кам нарх тақдим қилган меҳмонхоналар кесимида эълон қилиб борилади. Бунда меҳмонхоналар ўринлари сони карантинга олинган фуқаролар ва қайд этилган бронлар ҳисобига тўлгач, рўйхат янгилаб борилади.

Карантинни меҳмонхонада ўтказиш бўйича йўриқномага кўра, меҳмонхоналарга 14 кунлик карантинга «қизил» рейслар билан Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар олинади.

Меҳмонхоналарда карантин муддатини ўташ ва хизмат кўрсатиш пуллик асосда амалга оширилади. Жойлаштириш нархи олдиндан маълум қилинади, меҳмонхона нархи жиҳатдан 3 хил тоифаси таклиф этилди. Мазкур тоифалар бўйича шакллантирилган меҳмонхоналар рўйхати тўғрисидаги маълумотларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий веб-саҳифаси ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали олиш мумкин.

Меҳмонхоналарда туришни истамаган шахслар махсус карантин марказларига карантин даврини ўташ учун юборилади.

Меҳмонхоналар томонидан олиб келинган, лекин карантинни меҳмонхоналарда ўтказишни хоҳламаган фуқаролар карантин марказларига ушбу фуқароларнинг ўз ҳисобидан йўл-патруль хизмати ходимлари кузатуви остида етказилади ва белгиланган тартибда вақтинча карантинда сақланади.

Меҳмонхоналарда карантин муддатини ўташ истагини билдирган фуқаролар халқаро аэропортга, чегара ўтказиш пунктларига етиб келганидан сўнг белгиланган меҳмонхона номига ариза тўлдиради.

Ўзбекистон ҳудудига кириб келгач меҳмонхонада ёки махсус карантин марказларида карантин муддатини ўташ истагини билдирган шахслар алоҳида транспорт воситаси орқали ҳамда ички ишлар органлари ходимлари кузатуви остида ўзлари танлаган тоифадаги меҳмонхоналарга етказиб борилади ва жойлаштирилади. Транспорт ва кузатув харажатлари умумий меҳмонхона хизматлар нархининг ичига киритилади.

Бунда фуқаролар энг арзон нархлар таклиф этган меҳмонхоналарга биринчи навбатда жойлаштирилади.

Меҳмонхона хизматлари учун тўлов унга жойлашгандан сўнг уч кун мобайнида тўланиши лозим. Тўловни амалга оширмаган шахслар махсус карантин марказларига кўчирилади. Пул тўламаган шахслар махсус карантин марказларига олиб келинган кундан бошлаб 14 кунлик муддатга карантинга олинади.

Фуқаролар мехмонхоналарда карантинга жойлаштирилганидан сўнг улардан 1 сутка ичида ва 11 кундан кейин такрорий коронавирус учун полимераза занжирли реакция (ПЗР) лаборатория тести олинади.

Меҳмонхоналарда 24 соат узлуксиз тиббиёт ходимлари навбатчилиги амалга оширилади. Меҳмонхона санитария хавфсизлик меъёрлари ва стандартлари талабларига мувофиқлаштирилади ва доимий тарзда санитария-эпидемиология марказлари назорати остида дезинфекция ва бошқа профилактика тадбирлари ўтказилади ва жойлаштирилган шахслар ҳимоя воситалари, шу жумладан, тиббий ниқоб ва бир марталик қўлқоп билан таъминланади.

Тиббиёт ходимлари карантинда сақланаётганларнинг ҳолатини кунига камида 2 маротаба тиббий кўрикдан ўтказади. Касалликка чалинганликда гумон қилинган ёки юқори ҳароратли шахслар ташкил қилинган изоляторга жойлаштирилади ва улардан қўшимча полимераза занжирли реакция (ПЗР) лаборатория тестлари олинади.

Меҳмонхоналарда карантинга олинган фуқароларда коронавирус билан боғлиқ бўлмаган касалликлар аниқланган тақдирда уларнинг шифокор хулосаси билан ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан бошқа тегишли даволаш муассасаларига кўчирилади.

Меҳмонхоналарда тоифадан келиб чиқиб стандарт меню асосида 3 маҳал овқатланиш таъминланади. Алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиш тақиқланади. Овқатланиш яшаш учун ажратилган хоналарда амалга оширилади.

Карантин муддати ўталаётган меҳмонхоналар ҳам карантин зонаси ҳисобланади ва мазкур объектларга карантинга олинувчиларни етказиб келиш ва у ерда изоляцияда сақлаш ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан амалга оширилади. Меҳмонхоналардаги карантин зоналарини тарк этиш тақиқланади.

Карантинга олинган шахслар халқаро аэропортлар, чегара ўтказиш пунктларидан меҳмонхонага етказиб келиш ва меҳмонхоналарда карантин муддатини ўташ вақтида ўрнатилган санитария-гигиена қоида талабларига, шу жумладан, ҳимоя воситаларидан (ниқоблар) фойдаланиш, полимераза занжирли реакция (ПЗР) лаборатория тест синамалари топшириш, ижтимоий масофани сақлаш ва изоляция қоидаларига қатъий риоя қилишга мажбурдир.

Меҳмонхоналарга шахсий буюмларни олиб кириш фақатгина санитария-гигиена тозалашдан сўнг амалга ошириш мумкин. Меҳмонхоналарда мобил алоқа воситасини ишлатишга рухсат берилади.

Ўзбекистон Республикасига етиб келган йўловчилар келиш, тегишли объектларга олиб бориш ва карантин муддатини ўташнинг барча босқичларида қариндошлар ва танишлар билан кўришиш тақиқланади.

Карантин муддати (14 кунлик) якунлангач, соғлиғи текширилиб, ПЗР лаборатория тест синамалари касаллик мавжуд эмаслигини тасдиқлаганидан сўнг меҳмонхонани тарк этиш мумкин.



Манба: kun.uz


Munosabat bildirmoq


Back to the list